Daily Archives: 25.11.2020

Термиз халқаро аэропортида «Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш» мавзусида маънавий-маърифий, тарғибот тадбири ташкил этилди.

Аэропорт ёшлар иттифоқи етакчиси ҳамда маънавий -маърифий тадбирлар ўтказиш бўлими томонидан ўтказилган тадбирда бўлим масъуллари ва ходимлари, фахрийлар ҳамда иқтидорли ўқувчи – ёшлар иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққан, ёшлар иттифоқи етакчиси Жаҳонгир Имомов ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул Шаҳло Хушвактовалар томонидан сўнгги йилларда мамлакатимиз тарихида туб ислоҳотлар ва янгиланиш даври бўлганлиги, бу катта ўзгаришларни биргина Термиз халқаро аэропорти фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкинлиги айтиб ўтилди. Айниқса, ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, уларнинг ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган 5 та муҳим ташаббус ёшлар ҳаётига самарали татбиқ этилаётганлиги таъкидланди. Маънавий -маърифий тадбирда ёш шоираларнинг ижод наъмуналари тингланди. Спортчи ўқувчи-ёшларнинг саҳнавий ҳамда маҳоратли спортчиларга хос чиқишлари йиғилганларга манзур бўлди. Тадбирда «Сардоба» номли видеоролик ҳам намойиш этилди. Унда жорий йилнинг 1-май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида юз берган фалокат ҳам халқимизни яна бир бор бир мақсад йўлида бирлаштирганлиги акс этган. Тадбир якунида, фаол иштирокчиларга ва иш фаолиятида алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ ходимларга китоб ҳамда ташаккурномалар топширилди.