Monthly Archives: Dekabr 2020

Туркияга боришни режалаштираётган фуқароларимиз диққатига!

Туркия Республикасига саёҳат қилиш ёки иш юзасидан йўл олиш истагида бўлган йўловчилар учун “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан муҳим бир хабар тарқатилди.

28 декабрдан бошлаб Туркияга борадиган хорижликлар учун янги талаблар кучга киради. Ушбу мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳаво қатнови орқали чет эллардан республикага келаётган йўловчилар энди ўзлари билан “COVID-19”га “ПЦР SARS-COV-2” услубида тест топширилгани тўғрисидаги, хориж фуқароси Туркия давлат чегарасини кесиб ўтаётган пайтда олинганига 72 соатдан кўп бўлмаган амалдаги маълумотномага эга бўлишлари шарт.

Манфий кўрсаткичли “ПЦР-тест SARS-COV-2” натижасини тақдим этмаган йўловчилар чегарадан ўтилаётганда кўрсатиладиган манзил (уй ёки меҳмонхона)да мажбурий 7 кунлик карантинга жойлаштирилади. Мабодо фуқаро Туркияда вақтинча яшайдиган манзилини кўрсатмаган бўлса, у мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган карантин ҳудудига юборилади. 7 кунлик карантиндан кейин олинган “ПЦР-тест SARS-COV-2” таҳлилида мусбат натижа қайд этилганлар Туркия ССВнинг “СOVID-19” муносабати билан жорий этилган амалдаги тегишли қоидалари асосида даволанадилар.

Ушбу чоралар 2021 йилнинг 1 мартигача амал қилади.

Пресс-тур ташкил қилинди

Бугун 2020 йил 25 декабрь куни «Uzbekistan Airports» АЖ томонидан “Самарқанд халқаро аэропорти” МЧЖда “Самарқанд халқаро аэропорти янгиланишлар жараёнида: замонавийлик, хавфсизлик ва сифат” мавзуида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Пресс-тур ташкил қилинди.
Унда «Uzbekistan Airports» АЖ ходимлари, Самарқанд вилояти хокимлиги ахборот хизмати, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси, , вилоят телерадиокомпанияси, нодавлат телеканаллари, ижтимоий тармоқ сайтлари вакиллари хамда блогерлар иштирок этди.
Пресс-тур аввалида журналистларга самолётлар учун амалдаги ва янги лойиха асосида бунёд этилган учиш-қўниш йўлаги намойиш қилинди. Мазкур йўлак халқаро авиация стандартларига мос равишда қурилди. Ҳозирда аэродромга тунги ёритиш мосламалари, алоқа ва кузатув тизимларини ўрнатиш жараёни амалга оширилаётгани ҳақида маълумот берилди.

Футбол бўйича Термиз халқаро аэропорти кубоги якунланди.

»Биз соғлом турмуш тарафдоримиз» шиори остида ўтказилган кубок ўйинларида жами 8 та жамоа иштирок этди. Кубок финалида »Парвоз» жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Ғолиблар Термиз халқаро аэропорти раҳбарияти томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
————————————
На днях закончился кубок по футболу Термезского Международного аэропорта.

На проведённом соревнования под девизом »Мы за здоровый образ жизни». На финале кубка команда »Парвоз» заняла первое место, а так же, завоевала кубок Термезского международного аэропорта. Победителю соревнования вручён диплом и ценные подарки от руководства аэропорта.

https://t.me/Termizaeroport

Касбга қизиқтириш истиқболни таъминлайди.

Болалигида ҳартугул бир бор келажакда учувчи бўлишни истамаган инсон бўлмаса керак. Айниқса, ўғил болаларда бу касбга қизиқувчилар сони кўп бўлади. Кейинги йилларда қизларнинг ҳам авиация соҳасига қизиқиши ортиб бораётганлиги эътиборга молик. Ўқувчи – ёшларни соҳага қизиқтириш, уларнинг қизиқишларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Термиз халқаро аэропортида “Раҳбар ва ўқувчилар” лойиҳаси доирасида таништирув сабоқлари ташкил этилди. Термиз шаҳридаги 10 – ўрта таълим мактабининг авиация соҳасига қизиқувчи иқтидорли ўқувчи – ёшларига халқаро аэропорт директори Ш.Кабилов соҳа ҳақида атрофлича тушунтиришлар берди. Ўқувчиларга халқаро аэропортнинг аэровокзал бўлими таништирилиб, мавжуд юқори шароитлар, имкониятлар ҳақида батавсил маълумотлар берилди.                                             

 Термиз халқаро аэропорти матбуот хизмати. /https://t.me/Termizaeroport

Термиз – жануб гавҳари.

Бу қадим ва навқирон шаҳарга, бой тарих ва мафтункор табиат, бетакрор қадриятларга эга Сурхон воҳасига келган меҳмон борки, тайёрадан тушаркан илк қадамини Термиз халқаро аэропорти ҳудудига қўяди. Сурхондарё ва Термиз ҳақидаги илк илиқ таассуротлар шунданоқ пайдо бўлади. Халқаро аэропортнинг ҳар бир ходими буни теран англаган ҳолда, фаолият кўрсатади. Аэропортнинг тунги манзараси янада фусункор кечади. Бу бетакрорликлар эса аэропортга келган меҳмонни албатта ҳайратлар сари етакласа ажаб эмас.                                                               

Termiz xalqaro aeroporti matbuot xizmatining ijtimoiy tarmoqlardagi rasmiy kanallari:                                                                                 Obuna bo’ling: Телеграм канал: https://t.me/Termizaeroport, Veb sayt: termezairport.uz, F/book: https://www.facebook.com/termizxalqaro.aeroporti

“Биз соғлом турмуш тарафдоримиз” шиори остида аэропорт кубоги ўтказилмоқда.

Термиз халқаро аэропортида ходимлар ўртасида спорт мусобақаларини ташкил этиш орқали ташкилотда оммавий спорт билан шуғулланувчи қатлам кўламини ошириш ва ҳар бир фуқарони соғлом турмуш тарзига жалб қилиш мақсадида бир қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз” шиори остидаги футбол бўйича «Термиз халқаро аэропорти кубоги»дир.

Аэропорт ходимларидан ташкил топган жами саккизта жамоа асосий ғолиблик учун баҳс олиб бораяпти. Дастлабки ярим финал баҳсларидан сўнг, финал йўналмасини қўлга киритган илк жамоа аниқ бўлди. Финал йўлланмасига эга чиққан ҳамда 3-ўринни эгаллаган жамоалар ташкилотчилар томонидан тақдирланади.

 https://t.me/Termizaeroport

Қизиқ факт: Елена оролидаги аэропорт «Дунёнинг энг бефойда аэропорти» деб топилган.

Журналистлар томондан Авлиё Елена оролидаги аэропорт «Дунёдаги энг бефойда аэропорт» деб топилган. Аэропортни қуриш учун 320 млн евро сарфланган. Аэропорт қуриб битказилгач, ундаги камчиликлар сабабли катта самолётларни қабул қила олмаслиги аниқланган. Чипталарга талаб ҳам катта бўлмаган. Аэропортга илк тижорий рейс у очилгандан бир йил ўтибгина – 2017 йил май ойида келган. Ўша йили 14 октябрда эса аэропорт Йоханнесбургдан илк лайнерни қабул қилган ва шунга қадар ЖАР авиакомпаниясининг хизматларидан атиги 78 киши фойдаланган, самолёт парвози эса 6,5 соатни эгаллаган.

Авлиё Елена ороли Атлантика океанида жойлашган бўлиб, Британиянинг денгизорти ҳудуди ҳисобланади. Наполеон Бонапарт Ватерлоодаги урушда мағлуб бўлгандан сўнг айнан шу оролга сургун қилиниб, ҳаётининг сўнгги кунларини шу ерда ўтказган.

Телеграм канал: https://t.me/Termizaeroport

Бахтимиз қомуси

»Бугунги кунда ер юзида мавжуд икки юздан ортиқ давлатларнинг деярли барчаси ўзларининг эркин сиёсати, тили, давлат рамзларига эга. Бироқ уларнинг барчаси ҳам ўз конституциясига, қомусига эга эмас. Миллий рамзлар қаторида тилга олинадиган конститутцияга бизнинг мамлакатимиз ҳам эга эканлиги бахтимиз.» – деди Термиз халқаро аэропортида ташкил этилган тадбирда сўз олган Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети катта ўқитувчиси Нигора Худоёрова.                                                                                                          Термиз халқаро аэропорти раҳбарияти, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Термиз туман Кенгаши, аэропорт ёшлар иттифоқи етакчиси ташаббуси ва ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир ҳам айнан»Бахтимиз қомуси» деб номланди.

Аэропорт директори Шухрат Кабилов, бош юрисконсульт Акмал Азимов, ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси Илҳом Бобохўжаев, ёшлар иттифоқи етакчиси Жаҳонгир Имомов, она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Нигора Худоёровалар томонидан Бош қомусимиз бугунгача эришилган ютуқлар ҳамда бардавом янгиланишлар, бунёдкорликларнинг асоси бўлиб хизмат қилаётганлиги таъкидланди.

Тадбир давомида фаол ёшлар томонидан »Сиз қонунни биласизми?» рукнида интелектуал ўйин ўтказилди. Саҳнавий чиқишлар ҳам тадбир иштирокчиларига ўзига хос таассурот қолдирди.  Тадбир якунида, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан Термиз халқаро аэропорти ходимлари ўртасида спортнинг стол тенниси бўйича ўтказилган мусабоқа ғолиблари ҳамда тадбирнинг фаол иштирокчилари эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалар билан тақдирланишди.                                                                                                                                                                                                                                                                                Телеграм канал: https://t.me/Termizaeroport

Термиз халқаро аэропортида спорт тадбири

8 декабрь –Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун юртимиз тарихидаги қутлуғ ва шонли саналардан биридир. Мазкур кунни муносиб нишонлаш, демократик тамойиллар асосида яратилган бош қомусимизни ўқиб – ўрганиш, ундан фахр туйиш ҳар бир юртдошимиз учун шараф ҳамда вазифа бўлмоғи лозим. Сана муносабати билан бугун Термиз халқаро аэропортида ташкил этилган маънавий-маърифий ҳамда спорт тадбирлари аввалида айни мавзуда атрофлича сўз борди. Шундан сўнг, аэропорт спорт комплексида стол тенниси бўйича мусобақага старт берилди. Спорт мусобақаси кескин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди. Ўйинлар малакали ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Якунда ғолиблар аниқланди. Унга кўра, 1- ўринни Умид Чориев эгаллади. 2- ўринни Шуҳрат Кабилов, 3- ўринни эса Баҳодир Тангиров қўлга киритди. Ғолиблар тадбир ташкилотчилари томонидан тақдирланди.

Пандемиянинг Ўзбекистон аэропортларига таъсири

«Мамлакатимиздаги халқаро аэропортлар 2019 йининг 9 ойида салкам 6 ярим миллион йўловчига хизмат кўрсатган, 2020 йилнинг худди шу даврига келиб эса, йўловчилар сони ўртача 1 миллион 800 нафарни ташкил этган».

Бу ҳақда 3-декабр куни АОКАда ўтган брифингда «Uzbekistan Airports» АЖ ахборот хизмати раҳбари Лаълихон Собирова маълум қилди:

➖ Пандемия сабабли бутун дунё авиация соҳасида юзага келган ҳолат Ўзбекистон аэропортларида ҳам кузатилди. Карантин чекловлари жорий қилиниши оқибатида авиақатновлар бутунлай тўхтади, йўловчилар оқими кескин қисқарди. Бу табиийки жаҳонда инвестициялар ва сайёҳлар оқими камайишига олиб келди.

🛩 Ваҳоланки, 2020 йилнинг 19-20 февраль кунларида бўлиб ўтган Халқаро авиация кўргазмаси ҳамда форумида «Uzbekistan Airports» АЖ 14 та хорижий авиакомпания билан 34 та шартнома, 15 та меморандум имзолаганди, унда жами 142 та авиақатновни амалга ошириш мўлжаллаган эди.

📦 Таҳлил натижаларига кўра, йўловчи ва юк авиаташувлари бўйича Ўзбекистон халқаро аэропортлари 2019 йининг 9 ойида салкам 6,5 млн йўловчига хизмат кўрсатган, 2020 йилнинг худди шу даврига келиб эса, йўловчилар сони ўртача 1 млн 800 нафарни ташкил қилган. 2019 йилда ташилган юк миқдори 51 минг 300 тонна бўлса, 2020 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич қарийб 50 минг тоннадан иборат бўлган.